Институт тарихи

1937 йил 29 июлда Тошкент шаҳрида “Ипакчилик саноати илмий тадқиқот институти (ЎзНИИШП)” ташкил қилинди ва “Ўзбекистон ипакчилик саноати илмий тадқиқот институтининг низоми” ишлаб чиқилди ва унда мазкур институтнинг вазифалари аниқлаб берилди.

Институтнинг асосий вазифаларидан бири ишлаб чиқарилган ипак хомашёсини, ипак маҳсулотлари ва ипакни қайта ишлаш жараёнидаги чиқиндиларни қайтадан ишлатишнинг сермаҳсулдор усулларини техникавий, иқтисодий, меёрий ва ташкилий жиҳатдан ҳартомонлама илмий ўрганишдан иборат эди.

1958 йилда институт ипакчилик соҳаси ривожланган шаҳар – Марғилонга кўчирилди ва институт олдидаги вазифаларни уддалай оладиган маҳаллий мутахассислардан илмий жамоа келтирилди.

Илмий тадқиқот институтларини ихтисослаштириш муносабати билан 1965 йил 24 мартда ЎзНИИШП ипак ишлаб чиқариш соҳасида бош ташкилотга айлантирилди, 1978 йилда эса “Табиий ипак ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш марказий илмий тадқиқот институти” (ЦНИИППНШ – ТИИЧҚИМИТИ) деган ном берилди.

Табиий ипак ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасида Рубинов Э. Б., Щенков C. Н., Мирзараҳметов М., Микуров Б. А., Окунь Г. C., Новиков А. Б., Пашинский C. Э., Костин Л. Б., Осипова Л. Х., Александров С. А., Казнадзей Н., Тойб Ю. Я., Гецонок Б. Н., Никитин И. А., Мирқосимов М. Ш., Қўқонбоев Ф. К., Иброҳимов З. Б. ва бошқа таниқли олим ва мутахассислар институтда ҳар хил даврларда баракали меҳнат қилиб ўтдилар. Айниқса, институтнинг Марғилонда тикланиши жараёнида Г. Т. Хуршудовнинг хизмати салмоқлидирким, худди шу кишининг бевосита ташаббуси билан институтда тажриба базаси ва механика устахонаси ташкил этилган эди.

Урушгача бўлган даврда биринчи марта институт томонидан пиллага дастлабки ишлов беришдан тортиб токи ипак маҳсулоти олгунча бўлган технологик жараёнлар занжирининг энг мақбул тизими ишлаб чиқилди ва ишлаб чиқаришга кенг жорий қилинди.

Пилла аралаштириш машинаси, лос териш машинаси, пилла саралаш мосламалари ва пиллаларни мослаш машиналари бунёд қилинди. Улуғ Ватан уруши йиллари илмгоҳ ўз фаолиятини ягона мақсад – Ватан ғалабаси учун Давлат Мудофаа қўмитасининг топшириқларини бажаришга қаратди.

Урушдан сўнги йиллар институтда пилла чувиш техникасини юқори савияга кўтариш устида илмий ишлар олиб борилди, 1946 йили биринчи марта юртимиз ўзининг пилла чувиш автоматига эга бўлди, яъний институтимиз томонидан СКЭ-4-Ву машинаси бунёд қилинди.

Институт ташкил топгандан буён мутахассисларимиз томонидан минглаб мақолалар чоп этилди, илмий конференцияларда маърузалар қилинди, китобчалар, монография ва ихтиролар тақдим қилинди.

Ҳозирги кунда олимларимиз тут ипак қурти уруғларини янгилаш йўли билан пилла хомашёси, хом табиий ипак сифатини яхшилаш муаммолари устида, пиллакашлик чиқиндиларини қайта ишлаш технологиясини такомиллаштириш, пиллага дастлабки ишлов беришнинг энг қулай усулларини топиш, газламалар ва тикувчилик буюмларининг янги хилларини етиштириш, табиий ипак ва аралаш толалардан ипларнинг янги тузилишларини ихтиро қилиш муаммолари устида илмий тадқиқотлар олиб бормоқдалар.

Ўзбек