ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ВАЗИРЛИГИ БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР САНОАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ТАШКИЛОТИ (UNIDO) БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ КУЧАЙТИРАДИ

Ўзбекистон Республикаси 1994 йил 26 апрелда Бирлашган Миллатлар Саноатни Ривожлантириш Ташкилотига (UNITED NATIONS INDUSTRIAL DEVELOPMENT ORGANIZATION) аъзо давлатлар қаторига қўшилган. Шундай бўлсада, ушбу ташкилот билан ҳозирга қадар яқин ҳамкорлик алоқалари тўлиқ йўлга қўйилмаган эди.
Ташкилот кўплаб ҳамкор давлатлар билан биргаликда “Мамлакатлар Ҳамкорлиги Дастури” (Program for Country Partnership) ва бошқа бир неча лойиҳалар орқали саноатнинг деярли барча тармоқлари доирасида кўплаб инвестицион лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Вазирликнинг Саноатни ривожлантириш бўлими UNIDO билан ҳамкорлик борасидаги лойиҳанинг дастлабки муҳокамаси бўйича Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот институти Халқаро тадқиқот ва саноатни инклюзив ривожлантириш бўлими менеджери Ахунбабаев Абдухаким Охунжонович ва Германиянинг FESTO GROUP компаниясининг вакиллари билан учрашув ўтказди.
Ушбу ҳамкорлик Республикада саноатнинг янада ривожланиши ва янги иш ўринларининг яратилишига туртки бўлади. 
Бугунги кунда UNIDO ишлаб чиқариш фаолияти, ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ва савдо имкониятларини кучайтириш, саноатда экологик барқарорликни ошириш, энергиядан фойдаланишга йўл очиш орқали жаҳон аҳоли турмуш тарзини, халқ фаровонлигини яхшилашга эришиш бўйича бир-бирига боғлиқ ечимлар соҳасида зарур хизматларни кўрсатувчи муҳим, махсус ва самарали ташкилот сифатида тан олинган.

Ўзбек